М. Шарипов
ЎзМУ доценти
Ўрта Осиёнинг мўғуллар томонидан босиб олиниши шу ҳудудда яшаган халқларнинг ҳаётига катта салбий таъсир кўрсатди. Хусусан, илм масканларининг йўқ қилиниши, зиёлиларнинг қувғин остига олиниши IX-XII асрларда яратилган юксак маданиятнинг, шу жумладан илм-фаннинг тараққиётини вақтинча сусайтириб қўйди. Унинг қайтадан гуллаб яшнаши, юқори натижаларга эришиши Амир Темурнинг эзилган халқнинг озодлик, мустақиллик йўлидаги ҳаракатларига бошчилик қилиб, Мовороуннаҳрда кучли марказлашган давлат тузиши, давлат бошлиғи сифатида юритган сиёсати, ташкилотчилик ишлари билан бевосита боғлиқдир. Соҳибқирон, И. Мўминов таъкидлаб ўтганидек, давр эҳтиёжларини англаган ҳолда “аҳоли талабларига пешвоз чиқиб, мамлакатнинг кўп жойларида қурилишлар қилдирди, камида юз йигирма йил давомида нисбий осойишталик ўрнатди. Бу, шубҳасиз, мамлакатда экономика, маданият, адабиёт ва санъатнинг ўсишида муҳим омил бўлди”. Темур даврида илм-фаннинг тараққий этишига таъсир кўрсатган омиллар ҳақида гапирар эканмиз, биринчи навбатда, соҳибқироннинг мамлакатда қатъий тартиб ўрнатишга эришганини, ҳар бир ишни, шу жумладан, илм ва таълим ишларини белгиланган қонун ва қоидаларга мувофиқ амалга оширганини, бу қонун-қоидаларни эса салтанатдаги кишиларнинг турли хил тоифалари билан боғлаб тузганини таъкидлаб ўтиш зарур. Бу ҳақда “Темур тузуклари”да қуйидаги сўзлар битилган: “Салтанатим мартабасига зебу –зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифага бўлиб, уларга таянган ҳолда иш юргиздим. Салтанатим қонун-қоидаларини ҳам ана шу ўн икки тоифага боғлаб туздим.” Амир Темурнинг уламо, фузало, фозиллар тоифасига (биринчи тоифа) алоҳида этибор бергани, уларни ўзига яқинлаштиришга ҳаракат қилгани, давлат миқёсида амалга ошириладиган тадбирларни белгилаш, муҳим қарорлар қабул қилишдан аввал кенгашлар чақириб, улар билан маслаҳатлашгани соҳибқироннинг илм-фан аҳлига катта ишонч билдирганлигидан далолат беради. Темур кенгашиб, маслаҳатлашиб ўтказилган тадбир саноқсиз лашкар ожизлик қилган кучни енгишга имкон беради, деб ҳисоблаган. Ана шунинг учун ҳам у олимлар ва руҳонийларга мурожаат қилиб, улардан мамлакатни бошқаришда ўз маслаҳатлари билан ёрдам беришларини сўраган.